Бизнес Жараёнларни Бошқариш (Кириш)

Zukhriddin Abdurakhmonov
4 min readOct 7, 2020

--

Бизнес Жараёнларни Бошқариш бу ҳозирги кундаги энг ривожланган Бизнес Бошқаруви ва Компьютер Илми соҳалари эгаларининг эътиборини қозонган йўналиш бўлиб, биринчи доирада бу соҳа компаниялар операцияларини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш сарфларни минималлаштириш ва, ўз навбатида, маҳсулот ва сервис нархларини туширишда ишлатилади. Иккинчи жамоа эса, тадқиқот нуқтаи назаридан бу соҳани жараёнларнинг структуравий хусисятларини аниқлаш, уларни моделлаштириш ва улардаги муаммоларни аниқлашда ишлатадилар. Ахборот Тенологиялари нуқтаи назаридан эса, мустаҳкам ва кенг миқёсда фойдаланса бўладиган тизимларни яратишда ишлатилади.

Жараёнларни тушунишда Карнеги Меллон Унвиерститети томонидан ўтказилган тадқиқотларга эътиборимизни қаратамиз. Уларнинг Қобилият Етуклиги Модели (Capability Maturity Model) номли китобида корхоналар даражасига қараб беш турга бўлинган. Унга кўра, умумий равишда, етукликка етмаган ташкилот, изчил ва доимий натижа кўрсата олмайдиган, етук ташкилот эса, фарқли равишда, сифатли маҳсулот ва сервисларни изчиллик ва самарадорлик билан ишлаб чиқаради.

Батафсил:

Етук Ташкилотда бошқарувчилар маҳсулотлар сифати ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қиладилар. Аниқ мақсад бор, маҳсулотларни сифатини белгилашда ва маҳсулот ва жараёнларга боғлиқ муаммоларни таҳлил қилишда миқдорий асос бор. Иш жадвали ва бюджетлар мавжуд маълумотларга асосланган ва улар амалий (realistic); сарф, жадвал, функционал ва маҳсулотнинг сифатига боғлиқ кутилган натижаларга доимий эришилади. Умуман, етук ташкилот тартибли жараёнларга доимий амал қилади чунки барча ҳодимлар бундай қилишнинг фойдасини тушунадилар ва бу жараёнларни қўллаб-қувватлашга яраша инфраструктура ҳам мавжуд.

Етукликка Етмаган Ташкилот эса худди янги, ёшлардан иборат футбол жамоасига ўхшайди. Тўп тепилган вақт, кимдир тўп томон ҳаракат қилади, қолганлар эса томоша қилиб тураверадилар, айримлари умуман ўйин ҳақида ҳам ўйламаган ҳолда. Бошқа томондан, Етук Ташкилот худди профессионал футбол жамоасига ўхшайди. Тўп тепилган вақт ҳар бир жамоа аъзоси тартибли равишда ҳаракат қилади. Ҳолатга қараб, ярим ҳимоячи ва аниқ белгиланган ҳимоячилар ҳужум қилиш вақтида ўз ҳужумчиларини қўллаб-қувватлашга киришадилар, айрим ҳолатларда аниқ белгиланган ўйинчилар ҳимояга қайтадилар.

Демак, муваффақиятли етук компаниянинг асоси тартибли тузилган жараёнлардир. Бизнес Жараёнлар Бошқарувига келсак, унинг асосий мақсади, такрорланадиган, ўлчовли ва изчил бажариладиган жараёнларни яратиш учун компания жараёнларини аниқлаш ва ўрганишдир.

Шу ерда бир савол туғилади, жараён нима ўзи?

Компания маҳсулот ёки сервис ишлаб чиқариш учун бажарадиган ишлари Жараёнлардир. Мисол учун, ишга киришда Аризани-Тасдиқлаш жараёни (бирор бир корхонага кириш учун берилган аризани тасдиқлаш ҳам бир жараён, уни ичида корхона ариза топширувчини бошқалар билан таққослайди, интервью қилинади, тест қилинади ва натижаларга қараб ишга олиш ёки олмаслик ҳал қилинади). Агар сиз ходим бўлсангиз, жараён тушунчасидан сўнг хаёлингизга аллақачон кўплаб мисоллар келаётган бўлиши турган гап, ҳатто Чой-Дамлаш ҳам бир жараён.

Шу жараёнларнинг қандай бажарилиши маҳсулотнинг сифати ва тан нархига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Бир корхона бир хил маҳсулот таклиф қиладиган бошқа корхонани айнан жараёнлари яхшироқ бўлса ва уларни яхшироқ бажарса бозорда юта олади.

Бизнес Жараён Ингредиентлари

Эътибор билан қарасак, юқорида айтиб ўтилган Аризани-Тасдиқлаш жараёни бир нечта ҳодиса ва ҳаракатлардан иборат эканлигини англаб етамиз. Ҳодисалар кичик юз берадиган нарсалардир, ва улар давомийликка эга эмас. Мисол учун, етказиб берувчи жўнатган деталнинг корхонага етиб келиши бу бир ҳодиса. Бу ҳодиса ўзидан кейин бир нечта ҳаракатни ишга солади. Мисол учун, келган деталь текширилади ва рўйхатга олинади. Текшириш қанчадир вақт олишини ҳисобга олиб уни ҳаракат дея оламиз.

Қачонки ҳаракат нисбатан содда ва бир иш бирлиги сифатида кўрилса, биз буни вазифа деб атаймиз. Мисол учун Текшириш жуда содда ҳаракат бўлиб, у ўз навбатида ҳеч қандай қисмга бўлинмаса, биз уни вазифа дея оламиз. Аммо, агар Текшириш яна бир нечта ишни ўз ичига олса (келган деталнинг сифати, сони ва бошқа томонларини текширилса), биз уни вазифа эмас балки ҳаракат деб атаймиз.

Ҳодиса ва Ҳаракатлар билан бирга, жараён Қарор Қабул Қилиш Нуқталарини ҳам ўз ичига олади. Бу қачонки қарор қабул қилиниб, жараён шунга қараб ривожланса ишлатилади. Мисол учун, етиб келган деталь Текшириш жараёнидан ўтгандан сўнг, Текширувчи бу детални айрим муаммолар туфайли қайтариб юбориши ёки қабул қилишни ҳал қиладиган нуқтада, бу жараённинг қандай ривожланишини ҳал қилади.

Жараён қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Қатнашчилар — инсон, ташкилот ёки дастурий тизим;
  2. Жисмоний объектлар — қурилма, материал, маҳсулот, ҳужжат;
  3. Ахборот объектлари — электрон ҳужжат ёки электрон ёзувлар.

Қатнашчилар ички ёки ташқи бўлишлари мумкин. Ички қатнашчиларга мисол корхона ходимларидир. Ташқи Жараён Қатнашчилари эса етказиб берувчи корхона ёки банк ҳам бўлиши мумкин.

Энди маълум бир жараён якунланганда, у натижа келтириб чиқаради. Натижа негатив бўлиши мумкин, мисол учун қайтариб юборилган маҳсулот. Позитив натижа бу Текширувдан кейин қабул қилинган деталлар.

Қатнашчилар орасида жараёндан келган натижани «истеъмол» қиладиган қатнашчи харидор ҳисобланади. Юқоридаги мисолда, харидор деб Омборчиларни айтсак бўлади, чунки улар Текширилган ва Қабул қилинган детальларни олиб омборга жойлайдилар.

Бизнес Жараён Ингредиентлари

Бундан келиб чиқиб, биз жараённи харидорга қийматли бўлган маълум бир натижа берувчи бир-бирига боғланган қатнашчи ва объектлардан иборат ҳодиса, ҳаракат ва қарор нуқталари тўплами сифатида тасвирлашимиз мумкин.

Бизнес Жараёнларни Бошқариш эса ишларни бажаришни оптималлаштириш мақсадида бизнес жараёнларни аниқлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш, қайта лойиҳалаш, ишга тушириш ва назорат қилишда фойдаланиладиган усуллар ва воситалар тўпламидир.

--

--

Zukhriddin Abdurakhmonov
Zukhriddin Abdurakhmonov

Written by Zukhriddin Abdurakhmonov

Supply Chain | Business Process Management | Automation | Kaizen | Entrepreneurship

No responses yet