Бизнес Жараёнларни Бошқариш (Келиб Чиқиши ва Тарихи)

Zukhriddin Abdurakhmonov
3 min readOct 12, 2020

--

Ташкилотда ишни ташкиллаштириш ва бошқаришда Бизнес Жараёнларни Бошқариш фанининг асосий эътибори жараёнларда бўлади. Бир қарашда, бу ғоя интуитив ва осон бўлиб кўриниши мумкин. Тўғри-да, маълум бир маҳсулот ёки сервиснинг сифати ва уни харидорга етказиб бериш тезлигини оширишни ўйлар эканмиз, нега энди уни ишлаб чиқаришни ташкил қилувчи қадамларга эътибор бермаслигимиз керак!?

Тарихдан олдинги вақтларда инсонлар кичик жамоа бўлиб яшаб ўзларини ўзлари овқат, восита ва бошқа қурилмалар билан таъминлаганлар. Яъни ўзлари етиштирган нарсани ўзлари истеъмол қилишган. Харидор ҳам ўзлари, ишлаб чиқарувчи ҳам ўзлари бўлган, ва, бир сўз билан, улар Генералист бўлишган. Яъни, ҳар-хил нарсаларни ишлаб чиқаришни бутун жараёнини билишган.

Қадимги вақтларда, шаҳарлар ва давлатлар шакллангани сари, генерализмдан аста-секин ўрта даражадаги мутахассисликка ўтилди. Яъни, одамлар маълум бир маҳсулотни ишлаб чиқаришни касб қила бошладилар, мисол учун кулолчилик шаклланди, кейинчалик Ўрта Асрларда сартарошлик, ҳайкалтарошлик, рассомлик ва бошқа касблар ҳам шаклланди. Яъни, одамлар бир маҳсулот ёки хизматни ишлаб чиқаришда тўлиқ жараёнларни тушунишни бошладилар, аммо бошқа маҳсулотлар борасида эса эътибор бериш шарт бўлмади.

Саноат Инқилоблари даврида эса янада юқорироқ мутахассисликлар шакллана бошлади. Бунга гувоҳ бўлган, машҳур иқтисодчи ва файласуф олим, Адам Смит ҳолатга меҳнат тақсимоти деб ном берган эди ва буни тасдиқлашда игна ишлаб чиқарадиган ташкилотни мисол қилган. Меҳнат Тақсимоти дейилганда аслида у айнан ишлаб чиқаришни самарадорлигини оширишга асос бўлган Жараёнларнинг Тузилишини назарда тутиб, буни Комбинациялар деб атаган.

1850 — Биринчи Жаҳон Уруши даврида кичик ишлаб чиқариш корхоналари шакллана бошлади. Бу борада энг катта ишлар Фредерик Тейлорга тегишли бўлиб, у биринчи бўлиб “scientific management” (илмий бошқарув) йўналишига асос солган. Бу мутахассисликнинг энг юқори даражаси бўлиб, ҳар бир ишчи жуда аниқ ва махсус иш кўрсатмалари билан таъминланади. Ишчи бир маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнининг маълум бир қадамида иштирок этади ва у ўша қадамнинг соф мутахассисига айланади.

Тейлор ва шу соҳадагиларнинг ғоялари, ўз навбатида, бутун бошли янги соҳани келиб чиқишига олиб келди. Яъни, менежерлар синфи пайдо бўлди. Чунки, кимдир ишлаб чиқаришнинг маълум бир жараёни билан боғлиқ ишчилар гуруҳининг ишларини назорат қилиши керак эди. Менежерлар ҳар бир ишчи учун самарадорлик мақсадларини қўйиши ва ўша мақсадларнинг бажарилишини таъминлаши керак.

Яна бир эътиборга молик нарса шуки, Менежер ўзи назорат қиладиган ишда эксперт бўлиши шарт эмас, унинг асосий эътибори ўзи назорат қиладиган ресурслар ёрдамида иш бажарилишини оптималлаштиришдир.

Менежерлар табақаси келгандан сўнг, корхоналар меҳнат тақсимотига қараб структура қилинган. Шуерда бир савол пайдо бўлади: Менежерларнинг жавобгарликларини бир-биридан қандай фарқлай оламиз? Бунга ташкилотларда ишлаб чиқаришнинг бир-хил қисмига эътибор қаратадиган ишчилар гуруҳидан ташкил топган функционал бўлимлар яратиш ечим бўлди. Бу бўлимлар бир қанча ҳар-хил жавобгарликларга эга менежерлар томонидан бошқарилади. Шу билан бирга, бўлим ва менежерлар иерархик равишда тузилди. Мисол учун, функционал бошқармалар бўлимларга, бўлимлар эса гуруҳларга бўлинди ва ўша биз билган Таъминот Тизими, Бухгалтерия ва Ишлаб Чиқариш бошқармалари пайдо бўлди.

Иккинчи Саноат Инқилоби натижаси бўлган Функционал Ташкилот ХХ-ХХI асрларда корпоратив дунёда асосий роль ўйнади. Аммо, 1980-йиллар охирига келиб эса IBM, Verizon, Ford каби Американинг етакчи компаниялари функционал ташкилот ишини оптималлаштириш уларга кутилган натижа бермаслиги ва бу рақобатбардошликка ёмон таъсир қилмоқда деб топдилар. Самарадорликни ошириш йўлида қиммат Ахборот Технологиялари тизимлари ва функционал ташкилотдаги ишларни қайта ташкил қилиш лойиҳалари етарлича натижа бермади. Харидорлар эса Япония ва шу каби давлатларнинг корхоналари томон юра бошладилар…

--

--

Zukhriddin Abdurakhmonov
Zukhriddin Abdurakhmonov

Written by Zukhriddin Abdurakhmonov

Supply Chain | Business Process Management | Automation | Kaizen | Entrepreneurship

No responses yet